Нафосат ва гўзаллик айёми

Жорий йилнинг 7 март куни “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти мажлислар залида 8 март – “Халқаро хотин-қизлар байрами” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Мазкур тадбирга тизимда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ва соҳага кўп йиллар хизмати сингган меҳнат фахрийлари таклиф этилди.

   Йиғилишни “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг Иқтисодиёт ва инвестициялар департаменти бошлиғи М.Расулов кириш сўзи билан очиб, Бошқарув раиси А.Максудовнинг аёлларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Табрикда оламнинг гултожи бўлган аёлларнинг жамиятда тутган ўрни муҳим экани алоҳида таъкидланиб, айниқса, мамлакатимизда аёлларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш маънавий қадриятларнинг ажралмас қисмига айлангани эътироф этилган.

   Анжуманда тизимда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва меҳнат фахрийларига акциядорлик жамиятининг эсдалик совғалари топширилди.

   Фурсатдан фойдаланиб, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти раҳбарияти соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча фидойи, лобар, мунис ва мўътабар аёлларни айём билан муборакбод этади! Уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва меҳнат фаолиятларига муваффақият тилайди! Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ва мухтарам Аёллар!

 

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти Матбуот хизмати